Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманида бўлиб, ҳудудда сув таъминотини яхшилаш, фойдаланилмай ётган ерлардан, томорқалардан унумли фойдаланиш каби муҳим масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, Бўзатов туманини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида “Амударё” дарёсининг ПК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш қувватига эга насос агрегатларини ўрнатиш белгиланди.
– Бугунги кунда “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест" давлат муассасаси буюртмаси асосида “Бунёдкор Мерос” масъулияти чекланган жамияти пудрат корхонаси томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Тажетдин Мадиреймов. – Объектнинг умумий қиймати 8 миллиард 346 миллион сўмни, шундан 7 миллиард 996 миллион сўми қурилиш-монтаж ишларини ташкил қилади. Насос агрегатлари “Сувмаш” масъулияти чекланган билан тузилган шартнома асосида харид қилиниб, двигателларни монтажлаш ишлари якунланди. Объектдаги қурилиш ишлари 1 март санасига якунланиши режа қилинган.
Биз, ҳудудда бўлганимизда қурилиш ишлари бир зум тўхтамасдан Бўзатовда сув таъминотини яхшилашнинг барча зарур чоралари кўрилаётганига гувоҳ бўлдик.
Мазкур насос агрегатлари ишга тушиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги 76,9 километр оралиқдаги “Еркиндәрья” хўжаликлараро канали бўйида жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 га томорқа майдонлари, 50 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг га экин майдонлари, 3,5 минг га яйлов майдонларини суғориш ҳамда “Бўзатов” аҳоли пункти, “Қусхонатов” ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан ҳамда ҳудуддаги чорва молларини сув билан таъминлашдаги муаммолар бартараф этилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби
манба:www.water.gov.uz