Қўқон хони Худоёрхон ташаббуси билан қазилган Шаҳрихонсой халқ ирригациясининг ноёб дурдонаси бўлиб, унинг 68 км қисми “Шаҳрихонсой” ирригация тизими бошқармаси томонидан бошқарилади. Бугунги кунда ушбу бошқарма томонидан етказиб берилаётган сув Хўжаобод, Булоқбоши, Асака, Шаҳрихон, Бўстон, Олтинкўл ва Марҳамат туманларидаги 45 минг 611 гектардан зиёд майдонга тақсимланади.
“Шаҳрихонсой” ИТБнинг вилоят сув хўжалигида алоҳида ўрни бўлиб, Олой тоғидан бошланадиган Оқбурасой ва Аравонсой айни Шаҳрихонсойга қуйилади. Ушбу тармоқларда баҳор ва ёз фаслида сел ва тошқин хавфи ўта юқори бўлиб, уларни бошқариш осон кечмайди. Асака шаҳрининг қоқ ўртасида жойлашган гидроузелнинг аҳамияти алоҳида бўлиб, серёғин йилларда секундига 1200 куб метргача сув ўтадики, уни ташлама орақали Қорадарёга йўналтириш юқори малака ва ҳушёрликни тақозо қилади.
Бошқарма жамоаси куз ўртасидаёқ навбатдаги таъмирлаш ишларига киришган бўлиб, гидротехник иншоотларни ҳамда гидропостларни мавсумга тайёрлашни уюшқоқлик билан олиб боришмоқда. Биз бошқарма масъуллари билан биргаликда “Найман” гидроузели ва бу ердан сув оладиган “Катта чўжа” ва “Катта хўжа” ариқларида олиб борилаётган тозалаш ва таъмирлаш ишлари билан танишдик.
Суғориш даврида 1687 гектар ерга сув етказиб берувчи “Найман” гидроузелида таъмирлаш ишлари рисоладагидек олиб борилмоқда. Ҳадемай бошоқли ва тўқсонбосди экинларни суғориш бошланади. Ирригаторларнинг айтишларича, далаларга сув етказиб бериш кам ёғин шароитда эртароқ бошланиш эҳтимоли катта. Бундай хулосани яна бошқа объектларда ишлаётган мутахассислардан ҳам эшитдик.
Андижон–Тошкент йўлининг бошида “Ҳақиқат” канали мавжуд бўлиб, бир жойнинг ўзида 2 та ер ости сув ўтказиш иншооти бор. Ҳозирда ҳар икки иншоот ҳам лойқадан тозаланмоқда. Ана шундан сўнг бу ердан ўтадиган сув равон оқади.
Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz