БОШҚАЛАРГА ИБРАТ ЖАМОА

Олтиариқ тумани ирригация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Акмалжон Ҳамроқулов “Норин-Фарғона” ирригация тизими бошқармаси раҳбари этиб тайинланганига ҳали кўп бўлмади.

Акмалжон одамлар билан ишлашда етарли тажриба тўплаган, ўз манфаатини бошқаларникидан устун қўймайдиган, қўл остидагиларга талабчан бўлиш билан бирга ғамхўрлик ҳам қила оладиган раҳбар. Унинг яна бир ибратли томони шундаки, у кўп китоб ўқиган ва ҳозир ҳам вақт топди дегунча китоб ўқийди. Ирригация ва мелиорация илмига оид китоблар билан бирга бадиий асарларни ҳам мутолаа қилади. Шунинг учун бўлса керак, китобларни мутолаа қиларди. Унинг кўп китоб ўқиганлиги ходимлар ва ишчилар билан бўладиган йиғилишларда, суҳбатларда сезилиб туради.

Акмалжон бошқараётган тизим вилоят сув хўжалигининг кўзга кўринган жамоаларидан бири ҳисобланади. Жами 9 та туманнинг чўл ерларидаги экинзорларга, аҳоли томорқаларига сув етказиб беради. Бошқача айтганда 94 минг гектар экин ерлари ва аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш уларнинг зиммасига юкланган. Шўр ювиш олдидан канал ва ариқларнинг сув ўтказиш ҳолати бир карра кўриб чиқилди. Бешта экскаватор ва мавжуд ишчи кучлари ёрдамида 215 километр каналларнинг бетон ва тупроқ ўзанларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди. “Хонобод-2” эски каналини механик тозалаш ишлари тугалланай деб қолди. Қўл кучи ёрдами билан мавжуд 317 та гидропостларни жорий таъмирлаб, бўяш ва оқлаш ишлари тугалланди. Бошқармада 10 минг туп терак қаламчалари, 5 минг туп мевали дарахт кўчатлари тайёрлаш учун уруғлар экиб қўйилди.

Ирригация тизими бошқармасида ёрдамчи хўжалик кўп йиллардан бери яхши ривожлантирилган. Барча сув тақсимлаш бўлимлари ва гидропостларида лимонарийлар ташкил этилган. Улар 17 жойда бўлиб, жами 34 сотихга боради. 6 гектар сув ҳавзаларида балиқчилик кўллари барпо этилган. Уларда жами 12 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилмоқда. Плёнка остида турли резавор ўсимликлар, ошкўклар ўстирилмоқдаки, улар ишчиларнинг дастурхонини безаш билан бирга, эҳтиёждан ортиқчаси сотилаётир.

– Ёрдамчи хўжалигимизда картошка, сабзи, пиёз, помидор, бодринг, мева, узум, сабзавот, полиз маҳсулотларидан ташқари чорва ҳайвонлари, қуён ва паррандалар ҳам парваришламоқдамиз, – дейди бошқарма бошлиғи Акмалжон Ҳамроқулов. – Жами қўйларимиз сони 80 бошдан, йирик шохли моллар 30 бошдан, товуқлар 300 тадан, ўрдаклар 250 тадан, қуёнлар 120 бошдан ошади. Айрим ходимларимизнинг тўйларини ўтказишда, юбилейларини ташкиллашда ана шу ёрдамчи хўжалик маҳсулотлари асқотяпти. Байрам кунлари ҳам ишчи ва хизматчиларимизга ёрдамчи хўжалик маҳсулотларидан тарқатамиз. Бундан аввало ўзимиз хурсанд бўламиз, қолаверса, меҳнат қилаётган кишиларнинг хонадонига қут-барака кираётганидан улар ҳам мамнун бўлишади.

Қиш совуғида ҳам Марказий Фарғона чўли ерларининг Қизилтепа, Зафаробод, Ҳамзаобод, Янгиқадам ва Хонобод массивларида самарали меҳнат қилиб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлаётган ирригация тизими ходимларидан ҳамма мамнун бўлаётир.

 

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,

Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот котиби

манба:www.water.gov.uz