Дунё ресурслари институтининг прогнозларига кўра, 2040 йилга келиб, жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Бу мамлакатлар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси мавжуд.
Ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган ва бу жараёнда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ошириш зарурлиги устувор вазифа қилиб қўйилган.
Жумладан, қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этиш лозимлиги белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Шавкат Ҳамроев билан суҳбатимиз соҳада амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ва галдаги режаларга бағишланди.
– Мамлакатимизда бугун экинларни ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш тизимини жорий этишнинг натижаси қандай?
– Аввало, аграр соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор бу йилги сув танқислигини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этганини қайд этишим лозим. Ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва ҳисобини юритишда ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва тупроқ остидан суғориш технологияларини, сув танқислиги шароитида янги усулларни жумладан, рақамли ва инновацион технологияларни жорий этиш соҳанинг долзарб талабидир.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, бу борада ер эгалари ва сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизмини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини янада оптималлаштириш зарур.
Афсуски, ҳозирги кунда бутун дунёда 17 та давлат “ўта юқори” даражада сув танқислигига учраган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича 164 та давлат орасида 25-ўринда. Шўрланиш сабабли ҳар йили 10 миллион гектар ер ташландиқ ерга айланиб бормоқда. 2050 йилга келиб, бутун дунёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 50 фоиздан кўпроғи тупроқ сифати ва деградация (таназзулга учраши) билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши тахмин қилинмоқда.
Мавжуд муаммоларга, албатта ижобий ечим ҳам бор. Алоҳида қайд этишим лозимки, 2021 йилнинг баҳорида ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурслари ҳар йилгидан 25-30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга йил давомида 44 миллиард м3,суғориш мавсумида эса 32,6 миллиард м3сув етказиб берилган.
Сўнгги йилларда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан сув хўжалиги масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилгани трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Натижада қўшни давлатлар билан сувдан фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама шартнома ва келишувлар янгиланмоқда. Жумладан, 2021 йил 11 март куни 2021-2023 йиллар вегетация даврида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб беришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қирғизистон Республикасининг Энергетика ва саноат вазирлиги ўртасида ўзаро электр энергиясини етказиб бериш бўйича баённома имзоланди.
Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 5 та инвестиция лойиҳаси доирасида 136,2 миллион доллар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида ўтган йил якунига келиб жами 554,5 км канал ва улардаги 353 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 92 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди. Лойиҳалар ҳудудида 800 миллион сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинишига, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошишига, 80 миллион. м3 сув тежалишига эришилди.
Россия Федерациясининг Давлат тараққиёт корпорацияси “ВЭБ.РФ” билан олиб борилган музокаралар натижасида “Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станцияларни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида келишувга эришилиб, 146 миллион евролик кредит шартномаси имзоланди.
– Ҳудудлардаги сув таъминоти оғир бўлган ерларни суғориш бўйича қандай амалий ишлар қилинди?
– Сув айрим минтақалар учун геосиёсий барқарорлик омили бўлиб, сувдан фойдаланиш ва тақсимлашнинг самарали ва барқарор амалиётларини ишлаб чиқиш минтақа мамлакатларининг келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун жуда муҳимдир.
Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тик қудуқларга 100 дона насос ҳамда коллектор тармоқларига 1 минг 172 дона дизель насоси ўрнатилиб, ер остидан 395 миллион. м³ ва зовурлардан 784 миллион. м³ сув олинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 352 минг гектар майдонга керакли миқдорда сув етказиб берилди. Йил давомида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 10 миллиард. м3, шу жумладан суғориш мавсумида 8 миллиард. м3 сув иқтисод қилинди.
Прогнозларга кўра, глобал иқлим таъсирида минтақамизда сув ресурслари камайиб бораверади. Аҳоли сонининг ортиши ва саноатнинг ривожланиши ҳисобига сувга талаб йилдан йилга ортади. Мана шундай шароитда сув танқислигини юмшатишнинг ягона ечими сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Шу боис, Ўзбекистон сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда.
Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга белгиланган талаблар асосида субсидиялар ажратилиши йўлга қўйилган. Албатта, суғориш тизимларидан сув беришнинг беқарорлиги ва бир текис бўлмаслиги ҳам техник, ҳам ташкилий сабабларга боғлиқ бўлишини ҳам ҳисобга олишимиз лозим.
– Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш, сувни тежаш ҳисобидан 90 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш вазифасини қўйилган эди. Ушбу вазифалар ижроси тўлиқ таъминландими?
– 516,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 198,9 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 11,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 5,9 минг гектар майдонда дискрет суғориш тизими жорий қилинди. 78,8 минг гектар кўчма эгилувчан қувур орқали ва 20,9 минг гектар эгатга плёнка тўшаш усулида суғорилди. 200,9 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган 93,7 минг гектар пахта майдони учун Давлат бюджетидан 751,4 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилди. Айнан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳисобига мавсум давомида 2,4 миллиард. м3сув тежалишига эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида 2030 йилгача камида 2 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсад қилиб қўйилган. Юртимизда бундай технологиялар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораверади.
Сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига Давлат бюджетидан 4 триллион 440,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, шундан, 789,2 миллиард сўми иш ҳақи ва ажратмаларга, 3 триллион 651,6 миллиард сўми бошқа харажатларга йўналтирилди. Эксплуатация харажатлари ҳисобидан 5 минг 459 километр магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларида таъмирлаш ва тозалаш ишлари бажарилди. Улардаги 5 минг 839 та гидротехник иншоот ва 5 минг 818 та гидропост таъмирланди. 185 та насос ва 237 та электродвигатель энергия тежамкор бўлган янгисига алмаштирилди. 2 минг 522 та насос агрегати ва 1 минг 198 та суғориш қудуғи таъмирланди. Шунингдек, энергия тежамкорликка катта эътибор қаратилиши туфайли ўтган 2021 йилда 7 миллиард 295 миллион кВт. соат электр энергияси сарфланди. Охирги уч йилликда (2018-2020 йиллар) ўртача электр энергияси сарфи 7 миллиард 525 миллион кВт. соатни ташкил этганини ҳисобга олсак, 2021 йилда 230 миллион кВт. соат электр энергияси тежалди.
Марказлаштирилган капитал маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган 171 та ирригация лойиҳаси доирасида 755 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 340,9 километр канал, 137,9 километр лоток тармоғи, 16,5 километр босимли қувур, 27 та гидротехника иншооти, умумий қуввати 16,5 м3/сек насос станциялар, 62 та суғориш қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди. Бу ишлар самараси ўлароқ, 301 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди.
Мелиорация объектлари бўйича 85 та лойиҳа доирасида 299,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 699,9 километр коллектор-дренаж тармоғи, 50 та гидротехника иншооти, 17 та дренаж қудуғи ҳамда 10 та кўприк қурилди ва реконструкция қилинди.
Шунингдек, 220 та мелиорация лойиҳаси доирасида 365,2 миллард сўм маблағ йўналтирилиб, 17 минг километрга яқин коллектор-дренаж тармоғи ва 319 та тик дренаж қудуғи таъмирланди ва тикланди. Натижада 200 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди. Кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 20 минг гектарга камайди. Сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдон 48,1 минг гектарга қисқарди. 16,1 минг гектар ернинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди. 100 минг гектарга яқин ер майдони қайта фойдаланишга киритилди.
Сув хўжалигида янги йўналиш – давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. 2021 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 1 минг 216 миллиард сўм бўлган 100 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди ва реестрга киритилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги ирригация-мелиорация объектлари “ТСТ Agro Claster” МЧЖ га ҳамда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги ирригация-мелиорация объектлари, насос станциялар “Maroqand sifat” МЧЖга тўлиқ давлат-хусусий шериклик асосида берилди.
Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 112,3 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиши ва 152,9 миллард сўм бюджет маблағи иқтисод қилинишига эришилиши кутилмоқда. Соҳадаги устувор йўналишлардан яна бири – сув хўжалигини рақамлаштиришдир. 2021 йилда сув хўжалиги объектларига 5 минг 567 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 3 минг 99та “Ақлли сув”, 426 та насос станциясига сув миқдорини ва 2 минг 22 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди ҳамда 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. Натижада 771 миллион. м3 сув тежалишига эришилди.
Қашқадарё вилоятидаги “Миришкор” ва “Қамаши” каналларида бошқарув жараёнлари Австралия давлатининг “Rubicon water” компанияси технологиялари асосида тўлиқ автоматлаштирилди.
Бу ишлар натижасида сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш, унинг ҳисобини юритиш, вилоят ва туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишга эришилди. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувни техник йўқотишларнинг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида шаффоф ва адолатли фойдаланиш йўлга қўйилди.
1 минг 688 та насос станцияларга 2 минг 173 та автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатилди ва республика бўйича ягона электрон ахборот тизимига интеграция қилинди ҳамда электр энергия сарфини “онлайн” назорат қилиш имконияти яратилди.
– 2022 йилда соҳада қандай янгиликлар кутиляпти, аниқ режалар борми?
– Бошланган 2022 йил шубҳасиз, соҳада муҳим ишларни амалга ошириш, муаммоларни ижобий ҳал этиш йили бўлади. Шу йили 478 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, 230 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискрет усулда суғориш технологияси жорий қилиниши ва 218 минг гектар майдон лазерли текисланиши режалаштирилган.
Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 1 триллион 194,6 миллиард сўм, мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш учун 383,5 миллиард сўм ўзлаштирилиб, 308 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти ва 171 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланади. 50 минг гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилади.
6 минг 610 та сув хўжалиги объектида замонавий рақамли технологиялар ўрнатилади ҳамда етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш, сувнинг ҳисоб-китобини аниқ ва шаффоф юритиш имкониятлари янада кенгайтирилади. Умумий қиймати 931,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 52 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича битимлар имзоланади. Йиллик электр энергияси сарфи 7300 миллион кВт.соатдан 7150 миллион. кВт.соатга камайтирилади. Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган 7 та лойиҳа доирасида 169,6 миллион доллар ўзлаштирилади.
Сўзим сўнггида шуни атйишни истардимки, сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, олдимизга қўйилган марраларга эришишларига ва ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашларига ишонаман.
ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева
суҳбатлашди
манба:www.uza.uz