СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТАРТИБИГА РИОЯ ЭТИЛИШИ ЮЗАСИДАН НАЗОРАТ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ташкил қилиниб, инспекциянинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан, ўта муҳим гидротехника иншоотлари хавфсизлиги таъминлаш, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш, шунингдек, ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилишдан иборатдир.

Инспекция ваколат доирасида жойларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан  доимий назорат тадбирларини ўтказиб келмоқда. Шу кунга қадар ўтказилган назорат тадбирларида  экин майдонларини кўллатиб суғориш, рухсатсиз ва шартнома тузмасдан,  сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозламасдан  сув олиш каби ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда 38 та низоли ҳолатлар бартараф этилди, 36 та ҳолатда сув етказиб беришда амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда 79 та ҳолатда услубий ва тавсиявий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, шартнома тузмасдан сув олган сув истеъмолчилари билан ирригация бўлимлари ўртасида шартнома тузилди. Сувдан фойдаланишда юзага келган низоли ҳолатлар бартараф этилди, сув оғир етиб борадиган ҳудудларга сув етказиб беришда амалий ёрдамлар кўрсатилди. 

“Сувхўжаликназорат” инспекцияси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан сув хўжалиги объектларига хавф солувчи ҳолатларни олдиндан прогнозлаш, бартараф қилиш, сувдан нооқилона фойдаланишни олдини олиш мақсадида ташкилот муҳандис-техник ходимларига ҳамда сув истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида” ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Сувдан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирлиб, кўргазмали семинарлар ўтказилди.

2023 йил давомида инспекция томонидан тасдиқланган режали назорат текширувидан ташқари балиқчилик хўжаликларининг ариза ва шикоятлар юзасидан сув етказиш масаласида амалий ёрдам берилди.

Хусусан, “Шимолий” зовурнинг ноқонуний тўсилиши Когон туманидаги “Куржан” ва “Зиробод” зовурларининг техник ҳолатига шикаст етказиш ҳолатлари аниқланиб, етказилган зарар ундирилиб, фермер хўжаликлар ўрасида тушунтириш ишлари  олиб борилди.

Юқорида қайд қилинганидек, инспекция ходимлари томонидан сув хўжалиги иншоотларининг кўп йиллар давомида хавфсиз ишлашини, сувдан фойдаланишни назорат қилиш билан биргаликда сув истеъмолчилари бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа эгалари орасида сувдан оқилона фойдаланишни ҳам тарғиб қилиб келмоқдалар.

Хусусан, 2023 йилнинг декабрь ойида сув истеъмолчилари орасида “Сув текин эмас” шиори остида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Сув хўжалиги вазирлиги, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг агентлиги ва Швейцария давлатининг нодавлат-нотижорат жамияти томонидан юқори баҳоланиб, янги замонавий компьютер совға қилинди.

 

Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати

манба:www.suvchi.gov.uz