СУВ ВА СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ, CУВГА БЎЛГАН МУНОСАБАТЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚОНУН ИМЗОЛАНДИ

Мамлакатимиз Президенти “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига асосий ўзгартириш ва қўшимчалар охирги маротаба 2009 йилда киритилган бўлиб, унда суғоришда сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш каби жиҳатлар акс эттирилмаган эди.

Қабул қилинган Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилди.

Энг асосий қўшимчалардан бири сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолиятини молиялаштириш манбаси аниқ кўрсатилди, хусусан, сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолияти ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадали, шартнома асосида сувни етказиш ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари сувдан фойдаланиш қоидалари бузилган, сувдан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, шунингдек, лимитдан ортиқча сув олинган, аъзолик бадаллари, сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонуннинг ҳамда шартнома шартларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилгунига қадар сув истеъмолчиларига сув етказиб беришни тўхтатишга ҳақли эканликлари белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш шартлиги киритилди. Киритилган яна бир қўшимчага асосан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия олганлар ушбу лойиҳалардан камида беш йил самарали фойдаланишлари, шунингдек, шўри ювиладиган ерлар лазер ускуналар ёрдамида ҳар уч йилда камида бир марта текисланиши шарт.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланиш, сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ваколатлари кенгайиши, кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилиши, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга хизмат қилади.

Қонун 2021 йил 1 декабрь куни матбуотда расмий эълон қилинди ва уч ойдан сўнг кучга киради.

 

Матбуот хизмати  

манба:www.water.gov.uz