Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси каби йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 908,6 млн. доллар бўлган 6 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўтган 2020 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, 186,5 млн. долларлик хорижий кредитлар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 10 млн. доллар миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди. Хусусан, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари якунланди. Лойиҳа доирасида Хазорасп, Боғот, Хонқа, Урганч, Хива, Қўшкўпир ва Шовот туманларида жами 191,3 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 257 та насос агрегатлари фаолияти тўхтатилди. Бунинг натижасида 2021 йилдан 55,7 млн.квт электр энергияси ҳамда 25,9 млрд. сўм эксплуатация харажатлари иқтисод қилинади. Шунингдек, бетонлаштирилган каналлар ҳудудида ер ости сувларининг сатҳи ўртача кўп йиллик кўрсаткичдан 0,3-0,5 м га пасайди, каналларнинг фойдали иш коэффициенти ҳам ошди.
2020 йилда барча лойиҳалар доирасида 200 км дан ортиқ канал ва улардаги гидротехник иншоотларни қуриш ва қайта тиклаш, 105 та тик қудуқларни қуриш, 11 та насос агрегатини ўрнатиш ишлари амалга оширилди, қуввати 100 м3/с бўлган 1 та насос станцияси ишга туширилди, Сурхондарё вилоятида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди, 3 минг 980 гектар ер лазер ускунаси ёрдамида текисланди ва 3 минг 450 гектар ерда чуқур юмшатиш ишлари олиб борилди. Бу ишлар натижасида йилига ўртача 700-800 млн. м3 сув иқтисод қилинади.
2021 йилда Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган 8 та лойиҳа доирасида жами 211,2 млн. доллар миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган 1 та лойиҳа доирасида 2,3 млн. доллар ўзлаштирилади.
Жорий йилнинг дастлабки икки ойида 9,42 млн. доллар миқдоридаги хорижий кредитлар ўзлаштирилди. Айни пайтда инвестиция лойиҳалари бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz