Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омоборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов билан суҳбатда маълум қилди.
Бобоевнинг сўзларига кўра, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилмоқда, хусусан, лаборатория таҳлиллари олиниб, илмий-техник асослаш мақсадида изланишлар давом этяпти.
«Объектнинг амалдаги ҳолати дастлабки лойиҳа ечимларига қанчалик мувофиқлиги ҳам текширилмоқда. Бу ўрганишлар эртага шундай нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги, шу каби фалокатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда», — деди вазирлик маъсули.
Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирган.
«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», — деди Бобоев.
Биринчи босқичда тўғон ён-бағирларида ҳосил бўлган ёриқларни техник нуқтаи назардан бартараф этиш ва қайта ишга тушириш кўзда тутилган. Бунда уларнинг сувни қабул қила олиш қобилияти ва бошқа илмий-техник изланиш натижалари ўрганиб чиқилади.
«Хулосалар қабул қилиниб, илмий-техник изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган», — деди Бобоев. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари бошчилигида омборнинг сув босимига бардошлилик қобилияти, унга аслида қанча миқдорда сув тўлдириш мумкинлиги илмий ўрганилмоқда.
«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Бобоев.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил май ойида қилган чиқишида «бу сув тошқини биз учун аччиқ сабоқ бўлгани», шу сабабли сув омбори масаласида халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбалари чуқур экспертизадан ўтказилиши, «фақат шундан кейингина якуний хулоса» чиқарилишини таъкидлаб ўтган эди.
«Бу ерга Франция, Туркия, Россия, Осиё мамлакатларидан дунёнинг энг зўр экспертлари келади. Улар шу фалокатнинг олдини олиш мумкинмиди, сабаби нима деган масалалар бўйича холисона баҳо беради. Иккинчидан, келажакда бу сув омборидан қандай фойдаланамиз, бу бало яна такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўриш керак — буни сизлар билан маслаҳат қилиб, кейин тиклаймиз», — дея қўшимча қилганди давлат раҳбари сардобаликлар билан мулоқот вақтида.
2010—2017 йилларда 1,2 триллион сўм эвазига қурилган, расмий ОАВ томонидан «аср қурилиши» деб эътироф этилган Сардоба сув омбори тўғонларидан бири 2020 йил 1 май куни ёрилиши оқибатида йирик сув тошқини юз берган эди. Кейинчалик ушбу ҳолат матбуот томонидан «аср фожиаси» дея таърифланди.
Ҳодиса оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида яшовчи 89 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилган (воқеадан бир ой ўтиб, уларнинг салкам 76 фоизи яшаш манзилига қайтган, бироқ октябрь ойида 9386 киши ҳали ҳам эвакуация қилинган жойларида қолаётган эди).
Тошқин вақтида камида олти киши ҳалок бўлган, бир киши — Миллий гвардия ходими бедарак йўқолган. Қидирув-қутқарув тадбирлари давомида юзлаб одамлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Хусусан, вертолётлар ёрдамида тошқин ҳудудида, сув қуршовида қолиб кетган 200 га яқин фуқаро қутқарилган.
Тошқин оқибатида Сирдарёдаги 4710 та хонадонга зарар етган, шундан 2211 та уй яшаш учун бутунлай яроқсиз ҳолга келган, 2499 таси эса таъмирталаб бўлиб қолган. Кўплаб йўллар, кўприкларга зарар етган, коммуникациялар ишдан чиққан, 6 минг уй ҳайвони қурбон бўлган, 20 минг гектар экин ери сув остида қолганди.
Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукумати камида 1,5 триллион сўм пул ажратган. Ушбу маблағлар ҳисобидан (855 миллиард сўм эвазига) тошқин оқибатида уйсиз қолган оилаларга Сардоба (37 та), Мирзаобод (9 та) ва Оқолтин (40 та) туманларида жами 86 та беш қаватли уй қурилди.
Президент Шавкат Мирзиёев фожиадан сўнг, 15 май куни сирдарёликлар билан бўлиб ўтган учрашувда тошқиндан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига президентдан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, маиший техникалар тўплами совға сифатида топширилишини эълон қилган эди.
Бундан ташқари, россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов сирдарёликлар учун 10 миллион доллар хайрия маблағи ажратган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча бурчакларидан ва хориждаги ўзбекистонликлар томонидан сув тошқинидан жабрланганлар учун хайрия ёрдамлари юборилган эди.
«Фурсатдан фойдаланиб, жабр кўрганларга ёрдам кўрсатаётган бағрикенг, саховатпеша ва ҳамдард халқимизга яна бир бор ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман», — деганди ўшанда президент Шавкат Мирзиёев.
Сув тошқини Ўзбекистондан ташқари Қозоғистонга ҳам зарар етказган — ўзбекистонлик расмийлар «сувнинг бир томчиси ҳам» қўшни давлатга ўтмаслиги учун ҳар қанча ҳаракат қилмасин, офат 30 минг қозоғистонликнинг хавфсиз ҳудудларга кўчирилишига, 14 та аҳоли пунктидаги юзлаб хонадонлар сув остида қолишига сабаб бўлди. «Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жуда ҳам хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз», — деганди президент Шавкат Мирзиёев 5 майдаги чиқишида.
Шу боис ҳам Ўзбекистон томони бир вақтнинг ўзида нафақат ўз ҳудудида, балки қўшни Қозоғистон ҳудудида ҳам тошқин оқибатларини бартараф этиш билан банд бўлди. Айни вақтда, Ўзбекистон томони тошқиндан азият чеккан Мақтаарал туманидаги инфратузилмаларни, турар жойларни қайта тиклаш ишларига ҳам ҳисса қўшишга мажбур бўлди. Айни вақтда Қозоғистон расмийлари Ўзбекистон Сардоба сув омборини қўшни мамлакатлар билан келишмай, уларни лойиҳа тафсилотларидан тўлиқ бохабар қилмай қурганликда айблай бошлади.
«Бизнинг истагимиз шундайки, бу сув омбори қайта тикланмасин. Қайта тикланса ҳам, жуда кичик ҳажмда бўлсин. Бу сув омбори трансчегаравий дарёда, БМТ конвенцияларига зид равишда, биз (Қозоғистон) билан келишилмаган ҳолда қурилган», — деганди Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громов 2020 йил май ойидаги чиқишида. Кейинроқ, октябрь ойида қўшни мамлакат бош вазири Асқар Мамин ҳам «Қозоғистон томони Сардоба сув омборини келгусида йўқ қилиш позициясини эгаллаши»ни тасдиқлаган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Сардоба фожиаси бўйича «барча айбдорлар қонун олдида жавоб бериши»ни маълум қилган эди.
«Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», — деганди президент.
21 декабрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Сардоба сув омборидаги авария билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Иш бўйича «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг «Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси» бошлиғи лавозимида ишлаган М.Ҳоматов ва бошқалар — жами 17 киши судланмоқда. Улар растрата, сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб сохтакорлиги, қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятларда айбланмоқда.
Олий суд матбуот хизмати берган изоҳга кўра, «ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли... ёпиқ тарзда кўрилмоқда». Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида берилиши ваъда қилинган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишига лойиҳа ҳужжатларидаги, қурилишдаги ва эксплуатация жараёнидаги хато ва камчиликлар сабаб бўлган. Хусусан, тўғоннинг харсанг тош қопламаси лойиҳа ҳужжатида белгиланган қалинликдан кам, тошлар нотекис ва сифатсиз жойлаштирилган; сув омбори қурилиши 2-босқичи давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган бўлса-да, унинг тўла ҳажмда (922 миллион метр куб) сув билан тўлдирилишига йўл қўйилган.
манба:www.daryo.uz