Шимолий Тошкент каналининг қурилиши ҳақида қарор қачон қабул қилинган?

Ватанимиз тарихидаги 26 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1926 йил (бундан 95 йил олдин) – санъатшунос, рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рафаил Тоқтош таваллуд топди. У татар шоири Ҳоди Тоқтошнинг ўғли. Унинг илмий фаолияти Ўзбекистон тасвирий санъати масалаларини ёритишга бағишланган. У 2000 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

1942 йил (бундан 79 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати Шимолий Тошкент канали қурилиши ҳақида махсус қарор қабул қилди. Қарорга асосан, канал ўзанини уч навбатда қуриб тугаллаш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди. Каналнинг биринчи навбати қурилиши – Кайкавус ариғидан сув олувчи Дамачи ариғини кенгайтириш ва уни бир неча километрга узайтириш, Куйи Бўзсувда тупроқдан бош тўғон барпо этиш билан секундига 10–15 метр куб сув ўтказадиган магистрал канал қуришдан иборат эди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Қорақалпоқ давлат университетига Бердақ номи берилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бердақ тахаллуси билан ижод қилган Бердимурод Қарғабой ўғли (1827–1900) қорақалпоқ адабиётининг асосчиси ҳисобланади. Унинг асарларида тенглик, инсонпарварлик, адолат ва ватанпарварлик ғоялари илгари сурилган.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Япония Ўзбекистоннинг суверенитетини 1991 йил 28 декабрда тан олган. 1992 йилда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси, 1996 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Токиодаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Икки мамлакат ўртасида тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатилди.

1998 йил (бундан 23 йил олдин) – композитор, дирижёр ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Толибжон Содиқов (1907–1957) номидаги халқаро мусиқий хайрия жамғармаси рўйхатдан ўтказилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Толибжон Содиқов 1939–1948 йилларда Ўзбекистон композиторлари уюшмасининг биринчи раиси сифатида фаолият юритган.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Непал Федератив Демократик Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Бу хорижий давлатлар билан ўрнатилган дипломатик алоқалар рўйхати 134 тани ташкил этганини англатади.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

манба:www.uza.uz