Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 17 декабрь куни мамлакатнинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган сув омборларида узлуксиз инструментал сейсмологик кузатувлар тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради Norma.
Сейсмологик кузатувлар тизими атроф-муҳитни давлат томонидан мониторинг қилиш комплекс тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. У сув омборларининг сейсмик ҳолатига таъсир этувчи омилларга оид маълумотларни мунтазам равишда тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни, шунингдек, тегишли тавсияларни ишлаб чиққан ҳолда сув йиғиш ва чиқариш пайтида ҳамда сув омборидан фойдаланиш пайтида сейсмик режимдаги ўзгаришларни баҳолашни ўз ичига олади.
Сейсмологик кузатувлар тизими доирасида, хусусан, зилзилалар пайтида сув омборлари, уларнинг тўғонлари, қирғоқ ёнбағирлари, асосий участкалар ва сув ўзанлари ҳолати тўғрисида турли хил интенсивликдаги маълумотлар тўпланади. Ушбу маълумотларга асосида сув омборлари тўғонларининг динамик хусусиятлари ўрганилади ва уларнинг кучланиш-деформацияси баҳоланади. Ҳужжатда сейсмологик кузатувларни ўтказиш учун зарур бўлган ускуналар ва бутловчи қисмларни сотиб олиш назарда тутилган.
Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» корхонаси Фанлар академияси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартдан бошлаб сув омборларида узлуксиз инструментал сейсмологик кузатувлар тизимини босқичма-босқич жорий этишни бошлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, июль охирида Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Қарор билан сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул давлат органлари белгиланган.
манба:www.daryo.uz