Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 28 йил тўлди. Конституциямиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берган асосий ҳужжатдир.
Бош қомусимиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” умуммиллий ғояси остида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Мана шу жараёнларда Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида меҳнат қилаётган барча ходимлар фаол иштирок этмоқда.
Президентимиз жорий йилда соҳамизга доир бир қатор фармон ва қарорларни қабул қилдилар. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида жуда улкан мақсад ва режалар кўзланган. Концепциянинг 2020 йил учун кўрсаткичлари ва индикаторларига эришишга қаратилган ишлар жадал давом этмоқда ва мен ишонаманки, барча сувчилар бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик билан сидқидилдан меҳнат қилиб, олдимизга қўйган марраларга албатта эришамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизнинг кўп минг сонли сувчилар жамоасини, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини, бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан самимий табриклаб, барчага сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўришни тилайман.
Яратганнинг ўзи юртимизни бало-қазолардан асрасин, эзгу ишларимизда доимо мададкор бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири
2020 йил 8 декабрь
манба:www.water.gov.uz