Қозоғистонда орол сотувга қўйилди

Майдони 225 гектарни ташкил этувчи орол хусусий мулк ҳисобланади.

Қозоғистондаги Бухтармин сув омборида туризм бизнесини ривожлантиришга мўлжалланган орол сотувга қўйилди. Унинг нархи 1,5 миллиард тенгега (3,54 миллион доллар) баҳоланмоқда. Бу ҳақдаги эълон 42500_tenge Instagram-профилида жойлаштирилди.

Майдони 225 гектарни ташкил этувчи орол хусусий мулк ҳисобланади.

«Ҳудудда 100га яқин туристик базалар бор. Майдон рельефи пляжлар ташкил этиш учун қулай», — дейилади эълонда.

 Район ҳокими Каликан Байгонусовнинг Tengritravel.kz нашрига айтишича, Гусиний ороли 1998 йилда қишлоқ хўжалиги мақсадларида сотиб олинган, кейинчалик бошқа тоифага ўтказилган.

 «Менимча, унинг эгаси бу ернинг қишлоқ хўжалигига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушунгани учун сотишга уринмоқда. Аммо бу ерда туризм йўналишини ривожлантириш мумкин – бу ер жуда гўзал жой», — дея изоҳ берди ҳоким.

 Унинг сўзларига кўра, агарда пул ва меҳнат сарфланса, ҳар қандай ер фойда келтиради.

манба:www.kun.uz