“Каттагар-Бозатау” ирригация тизимлари бошқармаси тасарруфидаги “Анасай” магистрал каналининг умумий узунлиги 13,5 километр бўлиб, лойиҳа бўйича секундига 342 куб метргача сув ўтказиш қобилиятига эга. Аммо, йиллар давомида лойқа чўкиши, ўз вақтида қазиб тозаланмаганлиги туфайли ўртача сув ўтказиш қуввати секундига 100 куб метргача пасайиб кетган эди.
2018-2023 йилларда “Анасай” каналини босқичма-босқич реконструкция қилиш дастури ишлаб чиқилган эди. Дастур асосида 2018 йилда каналнинг 0,42 км қисми, 2019 йил 2,5 қисми реконструкция қилинди. Жорий йилда ҳам 2,5 км қисмида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Буюртмачи “Қорақалпоғистон сув қурилиш инвест” давлат унитар корхонаси ҳисобланиб, реконструкция ишлари “Бунёдкор Мерос” МЧЖ томонидан бажарилаяпти.
– Ҳозирги кунда тозалаш-таъмирлаш ишлари қатъий график асосида олиб борилмоқда, – дейди “Бунёдкор Мерос” МЧЖ участка бошлиғи Мансур Тўхтабоев. – Бу ишларга 7 та экскаватор, 6 та юк машинаси ва 2 та бульдозер жалб қилинган. Юқори унумли экскаваторлар канал тубида йиғилиб қолган лойқа чўкиндиларини қазиб ён томонларга чиқараётган бўлса, юк машиналари каналнинг икки қирғоғини тупроқ билан мустаҳкамлаш, зарур қисмларига дамба кўтариш ишларига жалб қилинган. Бульдозерлар ушбу тупроқларни канал қирғоқларига бир текис ёйиб, зичлаш ишларини амалга оширмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби
манба:www.water.gov.uz