Амударё туманида “Амударёмахсуспудрат” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоби ва келгусидаги режаларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Мазкур жамият томонидан жорий йилнинг 9 ой давомида сув хўжалиги ва бошқа объектларда жами 4,3 млрд сўмлик таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари бажарилиб, салкам 158 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида сув ўтказиш қуввати оширилди.
Кўргазмали семинарда таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари меъёрий талаблар асосида олиб борилгани сабабли экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорлик ўсиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари К-2 хўжаликлараро коллекторида бажарилиши режалаштирилаётган ишлар билан ҳам танишдилар. Ушбу коллектор тармоғида кўп йиллар давомида реконструкция ишлари олиб борилмаганлиги оқибатида ҳудуддаги ер ости сизот сувларининг сатҳи 1,3–1,5 метргача кўтарилиб, ер майдонларининг шўрланиш даражаси ортган. Бу эса ҳосилдорликка ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Тадбирда мазкур коллектор тармоғида лойиҳа асосида белгиланган ишлар амалга оширилгандан кейин ер ости сизот сувлари сатҳи 2–2,2 метрга пасайиши, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши таъкидланди.
Кўргазмали семинар иштирокчилари “Амударёмахсуспудрат” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.
Тадбир якунида коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш, реконструкция қилиш ишларида фидойилик кўрсатган мутахассис ва ишчиларга, механизатор ва экскаватор машинистларига совғалар топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz