Жорий йилнинг 10 июлида Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда сувни бошқариш ва ундан фойдаланиш тизими ривожида янги давр бошлангани ҳақидаги муҳим ҳужжат сифатида бизни ниҳоятда қувонтирди.
Концепция Осиё Тараққиёт банки, Швейцария ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, фармон билан Концепцияни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгиловчи “Йўл харита”си ҳам тасдиқланди. Ушбу “Йўл харитаси” соҳада олиб борилиши зарур бўлган барча вазифалар аниқ-тиниқ ўз аксини топганлиги билан бизга дастуриламал сифатида хизмат қилади.
Доно халқимизда “Сув келтирган элда азиз” деган ҳикматли нақл бор. Зеро, ҳамма даврларда ҳам сувни саховатли далалар бағрига, бободеҳқонлар ихтиёрига етказиб бериш осон кечмаган. Юрт ободлиги, дастурхонимиз тўкинлигининг асоси бўлган сувни бошқариш ва ундан тежаб фойдаланиш иши бир санъат.
Очиқ айтиш керак, мен ҳам шу соҳа мутахассиси сифатида Президентимиз фармонида эътироф этилган мавжуд муаммоларнинг аксариятини иш жараёнида юрагимдан ўтказганман.
Буни қишлоқ хўжалигида баъзи жойларда фойдаланиладиган сув сарфининг кўплиги, баъзи ерларда сув таъминоти даражаси пастлиги, суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси ортиб бораётгани, ирригация тармоқлари, каналлар, лотокларнинг эскиргани, уларни таъмирлаш, реконструкция қилишга зарурат борлиги, насос станцияларининг аксарияти ўз хизмат муддатини ўтаб бўлгани каби муаммолар билан изоҳлашим мумкин.
Яна, магистрал ва хўжаликлараро каналлар, суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти пастлиги, сув хўжалиги учун Давлат бюджетидан ажратиладиган жами маблағларнинг асосий қисми электр энергияси учун сарфланиши, кичик фоизигина таъмирлаш-тиклаш ишларига йўналтирилиши соҳа ривожига маълум даражада тўғоноқ бўлаётган эди. Сувчиларнинг ўртача иш ҳақи 1,5 млн сўм, яъни мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи (2,3 млн сўм)га нисбатан 65 фоизни ташкил этиши ҳам ходимлар қўнимсизлигига сабаб бўлаётганлигини айтиб ўтмасак бўлмайди.
Концепция асосида магистрал ва хўжаликлараро каналларда таъмирлаш ва тиклаш, реконструкция қилиш ишлари тизимли тарзда олиб борилади. Натижада суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,73 га етказилади.
Умуман, биз кутган ва кўплаб муаммоларга ечим бўлувчи ушбу муҳим ҳужжат билан мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар бўлади. Хусусан, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни амалиётга татбиқ этишга ҳам эътибор кучайтирилади.
Дарёлар, каналлар, эгатларда қуёш нурларини жилвалантириб оқаётган оби-ҳаётдан самарали ва тежаб фойдаланишнинг ўзига хос заҳматлари ва раҳматлари бор. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон биз сувчиларни янада шижоат билан меҳнат қилишга рағбатлантириб, юртга сув келтиришдек хайрли ишларга қанот бағишлайди.
Ф.Раджабов,
Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи
манба:www.water.gov.uz