СУВ ОМБОРЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА

Фарғона вилоятининг экин майдонларини сув билан таъминлашда мавжуд 3 та сув омборининг аҳамияти катта. Бошқача айтганда, бугунги кунда “Марказий Фарғона” сув омбори 85 минг гектар, “Каркидон” сув омбори 69 минг гектар, “Қўрғонтепа” сув омбори 12 минг гектардан зиёд майдонга сув етказиб бераётир. Шунингдек, сел сувлари йиғиладиган “Оқбилол”, “Шўр сув”, “Қизилбел” сув омборлари сувидан ҳам самарали фойдаланиляпти.

– Жорий йилнинг 10-11 июль кунлари вилоятимиздаги мавжуд сув омборларининг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди, – дейди Фарғона вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Раҳматжон Аминжонов. – Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга ажратилган маблағларнинг жорий йил май ойидан бугунги кунгача ишлатилиши ҳам ўрганилди. Шунингдек, вилоят ҳокими фармойиши билан маҳаллий бюджет ҳисобидан 558 миллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида сарфланмоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,

Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот котиби

манба:www.water.gov.uz