“Kun.uz” сайтида эълон қилинган “Омондара” паст босимли сув омборидаги уч йиллик ёриқ: қуруқ ёзишмалардан чарчаган 20 минг киши хавф остида” сарлавҳали мақолага муносабат

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги “Омондара” паст босимли сув тўғонининг техник ҳолати ўтган йили малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилган ва лойиҳа олди қидирув ишлари амалга оширилган. Ушбу иншоот ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишламаётганлиги, келаётган сел сувлари узлуксиз равишда чиқариб юборилаётганлиги туфайли иншоотнинг аҳоли масканларига хавф туғдириши бўйича хавотирга асос йўқ.

     Иншоотда гирдоб ҳосил бўлганлиги тўғрисида сув тўғони назоратчиси С.Раҳимовнинг оғзаки билдириши бўйича 2019 йилнинг 6 март куни Самарқанд вилояти Сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи А.Суюнов томонидан “Зарафшонсувлойиҳа” хусусий корхонаси ва бошқа мутахассислар билан биргаликда жойига бориб ҳолат ўрганилган. Мутахассислар сув тўғони яроқсиз ҳолга келиб қолгани ва 2019 йил суғориш мавсумида тўлиқ қувватда сув йиғишнинг имкони йўқлиги ҳақида хулоса берган. Шу асосда 2019 йил март ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар сув тўғони тўлиқ қувват билан ишлаётгани йўқ.

Гирдоб ҳосил бўлиши 2019 йилнинг 20 апрелида “Самарқандсувқурилишинвест” корхонаси мутахассислари иштирокида қайтадан ўрганиб чиқилган. Шундан сўнг темир бетон қувурларнинг 12 метр узунликдаги қисмини очиб таъмирлаш таклифи  берилган.

     Ушбу темир бетон қувур суғориш мавсумига якунига етганидан сўнг, 2019 йилнинг 9 ноябрь куни диаметри 500 мм бўлган полиэтилен қувурга алмаштирилган ва гирдоб тупроқ билан кўмилган.

     “Омондара” сув тўғони тоғли ҳудудда жойлашганлиги сабабли атрофда уяли алоқа компанияларининг тўлқинлари мавжуд эмас. Сув тўғонига қадар эса симли алоқа тармоғи тортиб борилмаган. Бугунги кунда ҳудудда “Beeline” уяли алоқа компаниясининг алоқа узатиш қурилмаси ўрнатилиб, синовдан ўтказилмоқда. Синов натижаларидан кейин сув омбори ушбу компаниянинг уяли алоқа воситаси билан таъминланади ва телефон билан боғлиқ муаммо бартараф этилади.

     “Kun.uz” сайтида эълон қилинган видео лавҳада кўрсатилган қабристон Нуробод тумани “Гирдиқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган. Ўтган йили тоғолди ҳудудларига кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида сел сувлари ушбу қабристон атрофига тўпланиб қолган. Бу сел сувларининг “Омондара” паст босимли сув тўғонига боғлиқлиги йўқ.

      Аслида “Омондара” паст босимли сув тўғонини барпо этиш икки босқичда амалга оширилиши зарур эди. Ҳозирда сув тўғони биринчи босқичда кўзда тутилган қувват билан ишлаяпти. Сув тўғонини тўлиқ қувватга чиқариш, яъни

2-босқич ишларини амалга ошириш катта маблағ ҳамда янгидан техник хулосалар ишлаб чиқишни талаб қилади.

      Жорий йилда 2-босқич ишларининг лойиҳа-сметасини тасдиқлаш кўзда тутилган. Унга асосан қурилиш ишларини жорий йилнинг тўртинчи чорагида бошлаб, 2022 йилнинг биринчи чорагида якунлаш мўлжалланган. “Омондара” паст босимли сув тўғони 2022 йилнинг баҳор мавсумидан тўлиқ қувватда ва хавфсиз ишлай бошлайди.

         Айни пайтда “Омондара” паст босимли сув тўғони тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ундаги сув меъёри кунлик ўлчаб борилаяпти. Унинг ҳозирги ҳолати атроф ҳудуддаги аҳоли масканлари ва хонадонлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

манба:www.water.gov.uz