Маҳаллаларда тўпланган Сардоба суви насослар ёрдамида чиқариб ташланмоқда

Сирдарё вилоятида содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиевнинг айтишича, Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида 21, Қўрғонтепа маҳалласида 3, Дўстлик маҳалласида 52, Оқолтин туман Саховат маҳалласида 12, Мирзаобод туманидаги Навбаҳор маҳалласида 11, жами 99 кўп квартирали уйда талафот оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сув тошқини оқибатида зиён кўрган ҳудудлардаги 42 аҳоли пунктининг ичимлик сув таъминоти ҳолати ўрганилди. Унга кўра, 6 маҳалладаги 7 та сув тарқатиш иншооти ҳамда 124 километрдан ортиқ ичимлик сув қувурларининг жиддий зарар етказилган қисмларини таъмирлаш ишлари йўлга қўйилди. Тошқин оқибатида зарар етказилган ичимлик сув объектлари таъмирланиб, қайта тиклангунга қадар 16 маҳаллага ичимлик суви 21 махсус сув ташиш автотехникаси билан етказиб берилади.

Бундан ташқари, сув тошқини оқибатида ҳудудларда, аҳоли хонадонлари, кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ертўлалари ва атрофида йиғилиб қолган сувни олиб ташлаш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 50 дан ортиқ насос ускунаси ҳудудларга ажратиб берилди.

манба:www.uza.uz