2019 йил сарҳисоби: Мамлакатимиз сув хўжалиги истиқболли лойиҳаларга бой бўлди

Мамлакатимизда Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилганидан сўнг ўтган вақт давомида тизимни бошқаришни такомиллаштириш орқали давлатимизнинг стратегик мақсадларидан бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Республика бўйича ҳар йили 5 минг километр магистрал каналлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 16 минг километр суғориш ва нов тармоқлари, 10 мингга яқин гидротехник иншоот ва гидропостлар тозаланиб, таъмирланаяпти. Натижада суғориш тармоқларидаги техник ва фильтрация йўқотишларини камайтиришга эришилмоқда.

Юртимиздаги суғориладиган ерларнинг 1,7 фоизида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилган. Шундан 33,2 минг гектари 2019 йилда амалга оширилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳужжатга асосан, мамлакатимиз тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этганларга давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш механизми йўлга қўйилди.

Бу йилги мавсумда пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатган агрокластер ва фермер хўжаликларига ҳар гектар учун 8 миллион сўмдан, жами 84,6 миллиард сўм субсидия ҳамда тижорат банкларидан олинган 88,3 миллиард сўмлик кредитлар фоиз ставкасининг 10 фоизини қоплаш учун 3,6 миллиард сўм тақдим этилди. Берилган имтиёзлардан унумли фойдаланган Андижон вилоятидаги “Хантекс” агрокластери, “Жонтўра ерлари” фермер хўжалиги, Жиззах вилоятидаги “Зафар Р-11” фермер хўжалиги каби инновацион технологияни ҳеч иккиланмай қўллаганлар айнан томчилатиб суғориш ҳисобига гектарига 50-60 центнердан ошириб пахта хирмони кўтарди.

Шу пайтга қадар мамлакатимизда фақат пахтачилик, узумчилик ва боғдорчилик соҳасида томчилатиб суғориш технологияларини жорий этганларга давлат субсидиялари берилиб, ғалла, сабзавот, полиз ва озуқабоп экин етиштирувчиларига эса бундай имтиёз кўзда тутилмаган эди. Барча турдаги сув тежовчи технологиялардан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш, бу борада сўнгги бир йилда амалга оширилган ишларни изчил давом эттириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, сув тежовчи технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидия миқдори қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет балидан келиб чиқиб ҳисобланади. Келгуси йилдан томчилатиб суғориш тизимини жорий этганлик учун гектарига 8 миллион сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 миллион сўм, дискретли суғориш учун 1 миллион сўм давлат субсидияси берилади.

Президентимиз томонидан 2019 йил 9 октябрда яна бир муҳим ҳужжат – “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Унда ирригация ва мелиорация лойиҳалари самарадорлигини таъминлаш, сув хўжалигини бошқаришда бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш ҳамда соҳада илм-фанни ривожлантириш, замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этишни янада кенгайтириш масалалари қамраб олинган. Жумладан, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш орқали харажатларни камида 15 фоиз қисқартириш кўзда тутилган. Бу борада эксперимент сифатида республикамизнинг 22 та туманидаги 50 та объект хусусий шерикларга топширилади. Шу мақсадда мазкур объектларнинг техник-иқтисодий асослови ҳамда сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

2019 йилда ирригация объектларига 1 триллион 328 миллиард сўм, мелиорацияга 645 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 590 километр канал, 126 километр лоток тармоқлари, 67 дона гидротехник иншоот, 7 та насос станцияси, 106 дона тик суғориш қудуқлари, 1 минг 72 километр коллектор-дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада 302 минг гектар суғориладиган ер майдонининг сув таъминоти ва мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Вазирлик тизимида 26 та бетон заводи бўлиб, улар томонидан жорий йилнинг 9 ойида 89,8 минг метр куб тайёр бетон, 601 дона турли ўлчамдаги темир-бетон қувурлар, 159 дона бетон плита, 46 дона бетон қудуқ, 2 минг 68 дона сигналли устун, 4504 дона бетон таглик ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Келгусида соҳа учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотларни вазирлик тизимида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун янги заводлар очилади.

Шу билан бирга, ходимлар сонини мақбуллаштириш ҳисобидан иш ҳақи 2020 йилдан 30 фоизга оширилади.

Республикамиздаги олий таълим муассасаларини охирги уч йилда ирригация ва мелиорация йўналиши бўйича тамомлаган 500 нафардан ортиқ битирувчи вазирлик тизимига ишга олинди. Хорижий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда махсус курслар ташкил қилиниб, 350 нафар раҳбар ходимлар малакаси оширилди.

Мамлакатимиздаги 61 та асосий сув объектида Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг грант маблағи эвазига замонавий “Smart Water” тизими жорий қилинмоқда. Сув сарфини реал вақт режимида кузатадиган ана шундай тизим билан жиҳозланган объектлар сони 2023 йилга бориб 300 тага етказилади.

Жорий йилда 6 та лойиҳа бўйича чет эл инвестициялари ҳисобидан 126,9 миллион доллар, 9 та лойиҳа бўйича бюджет ва марказлашган инвестициялар ҳисобидан 114,45 миллиард сўм ўзлаштирилди. Республикамизда 1 минг 687 дона насос станциялари бўлиб, сувдан самарали фойдаланиш, ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ва насос станциялардаги агрегатларни унумли ишлатиш ҳисобига 2019 йилда 500 миллион кВт/соатдан кўпроқ электр энергияси иқтисод қилинди.

Шунингдек, 2030 йилгача тизимдаги барча ташкилотлар замонавий сув ўлчовчи воситалар, GPS, мопед ва видеорегистраторли дронлар билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сувга бўлган муносабат ўзгармас экан, ҳосилдорликни ошириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб, сув ресурсларини бошқариш ва тизимни янада такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация лойиҳалари самарадорлигини таъминлаш, соҳага бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни илм-фан билан узвийликда олиб бориш вазирлик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади.

Шуҳрат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлигининг
матбуот котиби.

 

манба:www.uza.uz