Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига​ табриги

Қадрли ватандошлар!

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Аввало, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни қутлуғ айём – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.

Ҳаммамизга яхши аёнки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан биридир. 

Ана шундай муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Чиндан ҳам, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Ушбу байрам муносабати билан сизларни қутлар эканмиз, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида атрофлича тўхталишимиз табиийдир.

Аввало сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари ҳамда минтақамиздаги экологик муаммолар оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлаётганини қайд этиш лозим.

Лекин, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган деҳқон ва фермерларимиз ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлмоқдалар. 

Жорий йилда сизларнинг пешона терингиз билан 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари, 8,1 миллиард дона тухум олингани бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди. 

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш долзарб масала бўлиб бораётгани сир эмас.

Шунинг учун ҳам биз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат экинлари етиштиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги тўрт йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 300 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилиб, жумладан, 32 минг гектар ерда интенсив боғлар, 15 минг гектарда токзорлар, 2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо этилгани, 114 минг гектарда сабзавот ва картошка, 72 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 52 минг гектарда озуқа экинлари етиштирилаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида олиб бораётган тизимли ислоҳотларимиз сизларга яхши маълум, албатта. 

Натижада бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинди.

Ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер моделини ва кооперация тизимини тўлиқ яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

Жорий мавсумда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келгани, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон, Хоразм, Наманган, Тошкент, Бухоро вилоятларида эришилган юксак марралар бу тизимнинг қанчалик самарали эканини амалда исботламоқда.

Шунингдек, Ёзёвон, Қўштепа, Риштон, Тошлоқ, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Амударё, Беруний, Элликқалъа, Хива, Хонқа, Янгибозор, Мингбулоқ, Поп, Чуст, Қуйичирчиқ, Чиноз, Оққўрғон, Қоракўл, Олот, Вобкент, Дўстлик, Нарпай каби ўнлаб туманларда ушбу тизим асосида пахтадан мўл ҳосил етиштирилди.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз кейинги йилдан бошлаб пахта етиштиришни тўлиқ – 100 фоиз кластер усулига ўтказишга қарор қилдик. Шу билан бирга, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва пиллачилик кластерларини ташкил қилиш ишларини изчил давом эттирамиз.

Биринчи марта бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштиришни рағбатлантириш тизими жорий этилгани ўзининг улкан ижобий самарасини берди. Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида ҳосилдорлик гектарига 65-67 центнерга етгани ана шундай янгича ёндашувнинг маҳсули бўлди.

Энг муҳими, 3 миллион 800 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилгани ушбу мавсумнинг асосий натижаси, десак, тўғри бўлади. 

Cўнгги йилларда мева-сабзавотчиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Бу йил 1,3 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 1,5 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилингани, ҳеч шубҳасиз, тармоқ ривожида салмоқли ўрин тутади. 

Деҳқон ва фермерларимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган масала – бу етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини нобуд ва исроф бўлишига йўл қўймасдан, сифатли қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш билан боғлиқ. 

Жорий йилда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, 1 триллион 37 миллиард сўм инвестиция маблағлари жалб этилди. Бунинг ҳисобига 254 минг тонна қувватга эга бўлган 180 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва логистика марказлари барпо этилди. Бу орқали 54 минг қўшимча иш ўрни яратилди.

Ҳозирги вақтда юртимизда мева-сабзавот маҳсулотларининг 3,5 миллион тоннаси қайта ишланиб, 350 миллион долларлик тайёр маҳсулот четга сотилмоқда.

Биз келгуси йилда мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини 2,5 миллиард долларга, яқин уч йилда эса 5 миллиард долларга етказишни  ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг учун Испания, Нидерландия, Польша, Греция, Туркия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Вьетнам, Индонезия каби давлатларнинг энг илғор тажрибалари кенг қўлланилмоқда. 

Қимматбаҳо хомашё бўлган ипак етиштиришнинг янгича тизими йўлга қўйилиши натижасида бу йил биринчи марта пилладан йилига тўрт марта ҳосил олишга эришдик.

Эндиги вазифа – бу муваффақиятли тажрибани кенг қўллашдан иборат.

Кейинги йилларда чорвачиликни ислоҳ қилиш, жумладан, соҳанинг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу тариқа республика, вилоят, туман ва фермер хўжаликлари бўйича чорвачилик соҳасида вертикал бошқарув тизими яратилди. 

Республикамизда сут ва гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган мингдан зиёд йирик чорвачилик комплекслари ишга туширилди. Якунланаётган йилда эса бу йўналишда 1,2 триллион сўмлик 600 та лойиҳа амалга оширилди. Чорвачиликни ривожлантириш учун қулай бўлган Оҳангарон, Тахтакўпир, Қўнғирот, Бўзатов, Мўйноқ туманлари шу соҳага ихтисослаштирилди ва кластер усулида ривожланиши йўлга қўйилди. 

Охирги 20 йилда эътибордан анча четда қолиб кетган балиқчилик тармоғига алоҳида эътибор қаратишимиз натижасида бу йил 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 200 минг тонна балиқ етиштирилди.

Яна бир устувор йўналиш – асаларичиликни ривожлантириш мақсадида тузилган Ўзбекистон асаларичилар уюшмасига 14 мингдан ортиқ тадбиркор аъзо бўлиб кирди ва жорий йилда 19 минг тонна асал етиштирилди.

Ирригация ва мелиорация тадбирларининг барча харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланаётгани деҳқон ва фермерларимиз учун катта мадад бўлиб, экинлардан мўл ҳосил олиш имконини бермоқда.

Экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида бу йил давлат бюджетидан 1 триллион 328 миллиард сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,8 марта, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса 645 миллиард сўм ёки 1,2 баробар кўп маблағ ажратилди. Бундан ташқари, йил охиригача халқаро молия институтларининг 126,8 миллион доллар ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 3 баробардан зиёд кредитлари ўзлаштирилади.

Жонажон Ўзбекистонимизни тараққиётнинг янги босқичига кўтариш вазифаси ва жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиб бораётгани аграр соҳани тубдан ислоҳ қилишни, унга бозор механизмлари, айниқса, инновацион ва тежамкор технологияларни, инвестицияларни кенг жалб қилишни тақозо этмоқда. 

Шундан келиб чиқиб, бу йил қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш Концепцияси ва соҳани келгуси 10 йилликда ривожлантириш бўйича Стратегияни қабул қилдик.

Қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапирганда, сиз, миришкор фермер ва деҳқонлар, соҳа ходимларининг сидқидил ва фидокорона меҳнатингизни, бутун умрини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган минглаб азиз ватандошларимизнинг номларини фахр ила тилга оламиз.

Шу ўринда 11 мингдан зиёд фермер хўжалиги 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан бошқарилаётгани, 5 минг 600 та фермер хўжаликларига хотин-қизларимиз раҳбарлик қилаётганини таъкидлашни истардим. Бу бизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги улкан бойлигимиз, олтин фондимиз, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Келгусида соҳани барқарор ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурларни татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда маҳсулот етиштириш турлари ва экспорт ҳажмлари ортишини таъминлаш устувор мақсадларимиз бўлиб қолаверади. 

Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, соҳани зарур техникалар билан таъминлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини яхшилаш, илғор билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга эътиборни янада кучайтирамиз.

Мавсум охирлаб, йил якунлари сарҳисоб қилинаётган мана шу айёмда сизларга, барча қишлоқ аҳлига олижаноб меҳнатингиз учун яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.

Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам халқимиз фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётган азиз ва қадрли юртдошлар!

Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

манба:www.uza.uz