Сув хўжалиги ташкилотларига махсус техника ва ускуналар топширилди

Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури асосида ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, жорий йилда мазкур дастурнинг Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган 1-компоненти доирасида пилот лойиҳалар учун танланган Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг тажриба майдонларига 70 мингдан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилди. Барча тажриба майдонларига замонавий томчилатиб суғориш технологияси ва кичик метеостанциялар ўрнатилди. Шунингдек, 6 та автосамосвал, 6 та экскаватор, 6 та дизель электрогенераторлар, 6 та насос станциялари, 6 та минитрактор ва бошқа техникалар тақдим этилган эди.

2019 йилнинг 30 октябрь куни Тошкент шаҳрида мазкур дастур доирасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан харид қилинган навбатдаги махсус оғир техникаларни топшириш маросими бўлди. Хусусан, барча пилот лойиҳалар учун мўлжалланган 6 дона 20 тонналик юк ташиш машинаси, 6 дона мобил бетон қориш ускунаси ва 6 дона кран манипуляторлар Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига топширилди. Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Ботиометрик марказ” давлат унитар корхонасига насос станциялари ва трансформаторлар учун ўлчов ускуналари комплекти ҳамда “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекциясига йирик тўғонларда геологик тадқиқотлар олиб бориш учун бир қатор махсус ускуналар ва георадарлар тақдим этилди.

Германиядан келтирилган мазкур техника ва ускуналарни топшириш маросимида Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Акмал Мирзаев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфельд, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистон бўйича директори Йорг Пуделька сўзга чиқиб лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайснинг таъкидлашича, мазкур техника ва ускуналар Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг техник имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.

aхборот хизмати