Қарши туманида янги насос станцияси ишга туширилди

2019 йил 6 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида “Чўли ота” насос станциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тумандаги “Дашт” МФЙ аҳолиси томорқаларини сув билан таъминлаш мақсадида ушбу насос станциясининг барпо этилиши Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида Сув хўжалиги вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан амалга оширилаётган “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” (Компонент 2) қўшма лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда БМТТД вакиллари, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбар ва мутахассислари иштирок этди. Меҳмонлар лойиҳа доирасида туманда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.

“Дашт” МФЙ ҳудудида 34 000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади ва янги қурилган насос станцияси 1 600 хонадонга тегишли томорқа майдонларини сув билан таъминлайди. Тадбир иштирокчилари мазкур ҳудуддаги хўжаликлараро “Р-19” каналининг лойиҳа томонидан қайта таъмирланган 2,5 километр узунликдаги қисмини кўздан кечирди. 1978 йилда қурилган, 17 км узунликдаги мазкур канал Қарши ва Касби туманларидаги 18 000 гектардан зиёд экин майдонларига сув етказиб беради.

 

Навбатдаги манзил Қарши туманидаги “Ширкент Омонтепа” сув истеъмолчилари уюшмаси бўлди. Мазкур уюшмага лойиҳа томонидан янги, замонавий сув ўлчовчи ускуналар, 1 дона кажавали мотоцикл ва 5 дона велосипед ҳамда компьютер жиҳозлари тақдим этилган. 12 нафар мутахассис фаолият олиб бораётган “Ширкент Омонтепа” СИУ жами 4 135 гектар экин майдонига эга бўлган фермер хўжаликларига хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари ҳудуддаги томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган 5 та хонадон томорқаларини кўздан кечириб, лойиҳа томонидан беғараз ёрдам сифатида берилган 260 туп мева дарахтларининг илк ҳосилидан баҳраманд бўлдилар.

манба: water.gov.uz