Катта Фарғона канали – 80 ёшда!
ХХ асрнинг улкан қурилишларидан бири бўлган, Марказий Осиё халқларининг турмуш даражасини яхшилаш борасида катта бурилиш ясаган Катта Фарғона канали қурилганига 80 йил
тўлди.
Ушбу каналнинг тарихи барчамиз учун қизиқарли ва ҳайратланарлидир. Бунинг боиси шундаки, у асосан қўл кучи билан тупроқ қазилиб, ўз ниҳоясига етказилган ва Фарғона водийсида бунёд этилган энг йирик гидротехник иншоотдир.
Аслида инсонлар қадим-қадимлардан ҳаёт учун зарур бўлган сув манбааларини бўйсундириш учун канал қазиб, ариқ чиқариб, ерларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келадилар. Ўлка аҳолиси деҳқончилик билан шуғулланиб келар экан, доимо сув танқислиги, суғориш иншоотларининг камлиги оқибатида унумдор ерлар чўлга айланар эди. Катта Фарғона каналининг қурилиши эса аҳолининг унумдор ерларга бўлган эҳтиёжини қондириб, бир неча асрлар мобайнида қамиш босиб ётган ботқоқликлар ҳамда қум барханларининг ўрнида экинзорлар боғлар ва токзорларни яратиш имконини берди.
1939 йил 1 августдан бошланган халқ ҳашари билан Катта Фарғона канали жуда қисқа муддатда 45 кунда қуриб битказилди. Шундан кейин Катта Фарғона Канали 1940 йилда Тожикистон ҳудудида яна узайтирилди. Халқ ҳашарида 180 минг нафар ишчи ва деҳқон ҳамда 3000 нафар муҳандис-техник ходим қатнашди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди.
манба:www.uz24.uz