Самарқандда янги сув омбори қурилиши бошланди

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида “Булунғур” сув омбори қурилиши бошланди. Бу ҳақда Zarnews хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, айни кунларда Булунғурда “Ўзмахсуссувқурилиш” давлат корхонаси, “Зарафшонмахсуссувқурилиш”, “Боёвутдавсувмахсуспудрат”, “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” давлат унитар корхонаси каби ўнлаб сув қурилиши корхоналарининг 100 га яқин экскаватор ва бульдозерлари ер қазиш ва текислаш ишларини бошлаб юборган.

“Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январида Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифида ушбу сув омборини қуриш таклифини билдирганди. Лойиҳавий ҳажми 100 миллион метр/кубни ташкил этадиган мазкур сув омбори учун сув олиш манбаини асосан қиш мавсумида Булунғур тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи каналлар ҳамда сел оқими оқибатида ҳосил бўладиган сувлар ташкил этади. Қурилиш ишлари 2021 йилда тугалланади. Сув омборининг ишга туширилиши билан Иштихон, Пайариқ ва Булунғур туманининг 35,8 минг гектар сувли ва лалми ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган деҳқон-фермерлари узлуксиз сув билан таъминланади”, дейди “Самарқандсувқурилишинвест” давлат унитар корхонасининг бирлашган лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жўрабек Бердимуродов.

Маълумот учун, “Булунғур” сув омборини қуриш учун 163.3 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

манба: www.qalampir.uz