Андижон вилоятидаги Куйганёр гидроузелининг сувоқар қисми реконструкция қилинади

Андижон вилоятининг Андижон туманидаги Куйганёр гидроузелининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш ва унинг қуйи қисмини ювилишдан сақлаш ҳамда Қорадарё дарёсининг сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларининг суғориладиган экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. 

Қарорда билдирилишича, юз берган давомли ва кучли сел ва тошқинлар Қорадарё дарёсининг ўзан жараёнларининг фаоллашишига ва Куйганёр гидроузелида қўшимча емирилишларга, сувоқарнинг темир-бетон қурилмаси остида бўшлиқлар юзага келишига сабаб бўлган ҳамда оқибатда гидроузелни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар қабул қилиш зарурияти юзага келган. 

Шунингдек, «Андижон вилоятининг Андижон туманидаги Куйганёр гидроузели қуйи қисмини ювилишдан сақлаш учун ҳимояловчи иншоотни қуриш» лойиҳасининг техник-иқтисодий асослашига тузатишлар киритилиш талаб этилган.

Шу боис қарор билан «Андижон вилоятининг Андижон туманидаги Куйганёр гидроузелининг сувоқар қисмини реконструкция қилиш ва қуйи қисмини ювилишдан сақлаш учун ҳимояловчи иншоотни қуриш» лойиҳаси тузатишлар киритилган техник-иқтисодий асослашининг асосий техник-иқтисодий параметрлари тасдиқланди.

Лойиҳанинг амалга оширилишини якунлаш муддати 2020 йил 1 апрель этиб белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг «Андижон вилоятидаги Куйганёр гидроузелини ювилишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 10 майдаги 263-сон қарори ўз кучи йўқотди. 

манба:kun.uz