Сув муаммосини бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди

Андижонда ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил яратиш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. 

Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов олиб борган сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш борасида белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, мамлакатимизда эълон қилинган "Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги" давомида амалга оширилиши зарур ишлар хусусида сўз юритди. 

Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан фикр билдирди. 

Бу йил баҳорнинг салқин ва қуруқ келиши пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сессияда вилоятда 267 минг гектар суғориладиган экин майдони мавжудлиги, экин майдонларини суғориш учун бир йилда 3,1 миллиард кубометр сув талаб қилиниши, лекин ҳисоб-китобларга кўра, амалда 2,774 миллиард кубометр сув бўлиши кутилаётгани, бу эса вегетация мавсумида экинларни суғоришда муаммоларни юзага келтириши мумкинлиги айтиб ўтилди. 

Вилоятда сув захиралари ва улардан фойдаланишнинг аҳволи, экин ерлари, жумладан, пахта майдонлари учун сувга бўлган эҳтиёж, ундан оқилона фойдаланиш, фермер хўжаликлари пахта майдонларида суғориш тадбирларининг бориши ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. 

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар сиёсати ва спорт масалалари қўмитаси раиси И.Мирзаалиев, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Т.Мадумаров фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа эгалари дуч келаётган муаммолар ечимини топиш, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш механизмлари хусусида сўз юритди. 

Сессияда кўрилган масалалар ижросини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Сессияда кўрилган масалалар, хусусан, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди. 

манба: www.uza.uz