Учқизил сув омбори ҳудудида янги дам олиш комплекси қурилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида «Термиз марвариди санаторийси» масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишиши жамоамизда кўтаринки кайфият уйғотди. 

Ҳар бир инсон учун энг азиз неъматлардан бири соғлиқдир. Саломатлик ўз вақтида дам олиш, спорт билан шуғулланиш, фойдали муолажаларни қабул қилиш, яхши кайфият билан боғлиқ. 

Сиҳатгоҳимиз Сурхон воҳасининг гўзал табиати қўйнида – Учқизил сув омбори бўйидаги баҳаво ҳудудда жойлашган. Бу ерда неврологик, кардиологик, ревматологик, урологик ва бошқа касалликлар физиотерапия ва маъданли сувлар, қум ва қуёш нурлари орқали даволанади. 

Таркиби олтингугурт ва йод-бромга бой икки хил маъданли сув сиҳатгоҳимизни бошқа масканлардан ажратиб туради. Қарийб 300-400 метр чуқурликдан чиқувчи термал минерал сувлар, бетакрор иқлим шароити муассасамизнинг ўзига хослигидир. 

Президентимиз раҳнамолигида бугунги кунда санаторийнинг 3 қаватли 80 ўринли биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Хоналар замонавий мебель, гилам, телевизор, кондиционер, музлаткич ва бошқа маиший техника воситалари билан жиҳозланди. Маънавият ва маърифат хоналари компьютерлар, миллий ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, газета ва журналлар билан таъминлаб борилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари 60 ўринли янги бино лойиҳаси билан танишиш чоғида уни замонавий тиббий ускуналар, мебеллар билан жиҳозлаш, ичимлик суви билан таъминлаш тизими ва қозонхоналарни модернизациялаш, ҳудудда болалар майдончаси, турли спорт ўйинлари ўтказиш ва шуғулланиш имконини берувчи стадионлар барпо этиш борасида зарур кўрсатмалар берди. 

Президентимизнинг Учқизил сув омбори ҳудудида мутлақо замонавий, янгича кўриниш ва талаблар асосида янги дам олиш комплекси қуриш бўйича таклифи нафақат жамоамиз, балки бутун воҳа аҳлининг кўнглидаги гап бўлди. 

Сув омбори бўйида бугунги давр талабларига мос чўмилиш ҳавзалари, бассейнлар қурилади. Замонавий қайиқлар ва бошқа сузиш воситалари бу ерга ташриф буюрувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, мароқли дам олишига хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда гапирар экан, ўз вақтида дам олган инсоннинг соғлиғи яхши, ишида унум бўлишини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг муассасамизга ташрифи бизга ғурур, ишонч ва куч-ғайрат бахш этиши билан бирга, ишга бўлган масъулиятимизни янада оширди. Амалга оширилаётган барча ишлардан кўзланган асосий мақсад, аввало, одамларни рози қилиш, уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш эканини яна бир бор чуқур англадик. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

манба:www.uza.uz