«Сувхўжаликназорат» инспекциясининг асосий вазифалари ва функциялари
1. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўта муҳим гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш;
ўта муҳим гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва лойиҳалаштириш бўйича топшириқларни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича қоидаларни келишиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги қоидаларини ишлаб чиқиш ва мезонларини белгилаш;
ўта муҳим гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли хулосалар бериш;
ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш;
ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юритилишини назорат қилиш.
Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
2. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифларни ишлаб чиқади;
гидротехника иншоотларининг ҳолатини ва уларнинг хавфсизлик декларацияларига ва мезонларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;
гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини жойида ўрганиш, натурада кузатиш ва диагностика қилиш ишларини амалга оширади;
тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда давлатлараро ва чегаравий сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалаларини чегарадош давлатлар билан тартибга солишда иштирок этади;
гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади;
хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларидан (сув муҳофазаси зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) фойдаланишни келишади;
ваколатли органларга сув муҳофазаси зоналарини, сув омборлари, дарёлар, каналлар ва коллекторларнинг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш ишларини ташкил этишда кўмаклашади, ушбу зоналар ва чизиқларга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини назорат қилади;
гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир техник топшириқларни ҳамда фойдаланиш бўйича қоидаларни келишади;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияларини давлат экспертизасидан ўтказади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;
гидротехника иншоотлари кадастрини юритади;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқади ва мезонларини белгилайди;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини лойиҳа, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда ўрганади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
гидротехника иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича ишчи ва Давлат комиссиялари таркибида иштирок этади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
гидротехника иншоотларини консервациялаш ва тугатиш бўйича лойиҳаларни ўрганиб чиқади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартибга сув хўжалиги ташкилотлари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан қатъий риоя этилишини назорат қилади;
сув хўжалиги объектларидан сув олиш лимитлари (вегетация ва новегитация даври учун) тасдиқланганлиги, уларга риоя қилиниши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига амал қилинишини назорат қилади;
сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган дастлабки сув миқдорининг ҳисоби тўғри ва аниқ юритилишини ўрганади;
сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилари жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилишини назорат қилади;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларда ушбу технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини иш режаси асосида назорат қилади;
ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларида сув ресурсларининг самарали бошқарилишини назорат қилади;
ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув ресурслари билан таъминланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилишини назорат қилади;
ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳолатига таъсир этувчи омилларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилади;
сув ресурслари, ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилишини назорат қилади;
ваколати доирасидаги ишлар бўйича текширувлар ўтказади;
Инспекция томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмасдан амалга оширилади;
сув ресурсларининг исрофгарчилиги, гидротехника, мелиорация иншоотларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганади;
аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий жазолар қўллаш бўйича баённомалар расмийлаштиради;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантиради;
давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахсларига ҳамда жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;
соҳада қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколати доирасида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритади, Инспекция ваколати доирасидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазолар қўллайди;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш тартиби бузилганлиги учун жарима санкциялари қўллайди;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилади, уларнинг ҳисобини юритади ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантиради.
Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ёки ҳудудий бошқармалар ҳамда Диагностика маркази орқали амалга оширади.