Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасидаги ишларга бағишланган тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институтида сел-тошқин ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирда Фуқаро муҳофазаси институти бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Тўраев ва бошқалар мамлакатимиз ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикасини ташкил этишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 19 февралдаги “Тошқинлар, сел оқимлари, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан самарали муҳофаза қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида “Ўзгидромет” маркази, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли туманларидаги қор кўчиш ва сел келиш хавфи бўлган ҳудудларини ўрганиш бўйича тизимли аэровизуал кузатувлар олиб борилди. 

Аҳоли ва ҳудудларни тошқинлардан ҳимоя қилишдаги асосий тадбирлардан бири бу – сел йўлларининг сув оқимини тўлиқ ўтказувчанлик ҳолатини таъминлашдир. Шу мақсадда сув омборлари, селхона ва сел йўллари ҳолати ўрганиб чиқилди. 

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини сел-тошқинлар ва ер кўчкиси ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

манба:uza.uz