Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбоблари, ишбилармон ва академик доиралар вакилларидан самимий қутловлар келиб турибди. Уларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-омонлик, доимий равнақ ҳамда фаровонлик каби эзгу истаклар изҳор этилган.
Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обаманинг мактубида шундай дейилади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига
Президент Жаноби Олийлари!
1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига қизғин табрикларимни йўллайман.
Мамлакатингиз бу тарихий санани байрам қилаётган шу кунларда биз Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Америка Қўшма Штатлари 1991 йилнинг 25 декабрида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган пайтдан бошлаб мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам шериклик муносабатлари ўрнатилган. Мамлакатларимизнинг янада хавфсиз, фаровон ва демократик келажак йўлидаги ҳамкорлиги узоқ йиллар давом этишига ишонаман.
Америка Қўшма Штатлари халқи Сизни мустақил Ўзбекистон тарихидаги ушбу муҳим сана билан муборакбод этади.
Эҳтиром билан,
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин йўллаган мактубда шундай қайд этилади:
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Хитой халқи ва шахсан ўзим номимдан Сиз ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва қизғин тилакларимни изҳор этаман.
Мустақилликнинг 25 йили давомида жаноб Президент раҳнамолигида Ўзбекистонда сиёсий барқарорлик ва жадал иқтисодий тараққиёт сақланиб, мамлакатнинг халқаро нуфузи салмоқли даражада юксалди, давлат қурилиши соҳасида ёрқин муваффақиятларга эришилмоқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, жаноб Президент томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели» мамлакатдаги реал воқеликларга мос келади ва улкан ҳаётий кучга эгадир.
Сўнгги йилларда Хитой – Ўзбекистон муносабатларида яхши ривожланиш тенденциялари сақланиб турибди ва янги стратегик даражага эришилди. Хитой ва Ўзбекистон алоқалари ривожланиб бораётгани ва ўртамиздаги самимий дўстликни юксак қадрлайман. Хитой – Ўзбекистон муносабатларида юксак самараларга эришиш ва халқларимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли стратегик шерикликни изчил ривожлантириш учун Сиз билан доимо барча саъй-ҳаракатларни қилишга тайёрман.
Мамлакатингизга равнақ ва юксак салоҳият, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Президент Жаноби Олийлари, Сизга мустаҳкам соғлик ва ишларингизда муваффақият тилаб қоламан.