Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида барпо этилган мазкур иншоотнинг очилиш маросимида сув хўжалиги бўйича республика, вилоят идора ва ташкилотлари мутасаддилари, хорижий ҳамкорлар, туман жамоатчилиги, фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодий қудрати, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, жумладан, йўл-транспорт инфратузилмаси, автомобилсозлик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, ирригация ва мелиорация тизимида амалга оширилаётган изчил ишлар самараси бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзининг ёрқин ифодасини топаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 12 июлдаги Фарғона ва Зарафшон водийлари сув ресурсларини бошқариш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигидаги “Фарғона ва Зарафшон водийлари сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида барпо этилган “Қизил Ровот-2” насос станцияси ҳудудда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Умумий қиймати қарийб 13 миллион долларга тенг ушбу лойиҳа халқаро тендер танловида ғолиб чиққан “Кубота Корпорейшн-Ортекс Инвестментс ЛТД” Япония – Буюк Британия қўшма консорциуми томонидан амалга оширилди. Иншоотда 4 миллион 760 минг доллар ҳажмда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 7 миллион 860 минг долларлик замонавий гидротехник асбоб-ускуналар ўрнатилди. Жумладан, Япониянинг “Кубота Корпорейшн” компаниясида тайёрланган ва умумий қуввати сониясига 10 кубометр сувни 58 метр баландликка кўтариб берадиган тўрт комплект насос агрегати ўрнатилди ва юқори босимли қувурлар монтаж қилинди. Станция янги ўрнатилган 110/10 кВт қувватли трансформатор подстанцияси орқали электр энергияси билан таъминланди. Хориждан келтирилган электр ва механик ускуналар иншоотнинг юқори аниқликда ишлашига хизмат қилади.
Гидроиншоот компьютерлаштирилган тизим орқали бошқарилиб, жараён тўлиқ видеоназорат остига олинган. Замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган бошқарув пунктида малакали мутахассислар томонидан сувнинг ҳароратидан тортиб, тезлиги-ю босими ва бошқа барча параметрлар туну кун кузатиб борилади. Бу ерга ўрнатилган қуёш батареяли фотоэлектр модули тизимда электр энергияси таъминотида узилиш юз берган фавқулодда ҳолатларда станция биносини ёритиш ва кузатув-назорат ускуналарининг узлуксиз ишлашини таъминлайди.
– Мазкур замонавий насос станцияси шу пайтгача мавжуд бўлган шундай иншоотларга нисбатан йилига ўртача уч миллион киловатт ёки 20 фоиздан ортиқ электр энергиясини тежайди, – дейди Фарғона водийсида лойиҳани амалга ошириш бўлими раҳбари Раҳмонали Ёқубов. – Шу нуқтаи назардан бу лойиҳа вилоят иқтисодиётида алоҳида аҳамиятга эга.
“Қизил Равот-2” сув иншооти 17 минг 800 гектар суғориш майдонига обиҳаёт етказиб беради ва Катта Наманган каналидан сув ичадиган 32 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги майдонида суғориш мавсумидаги сув тақчиллиги муаммоси барҳам топади. Уйчи, Чортоқ, Наманган туманларидаги 2 минг 500 фермер хўжалиги ва 135 минг хонадоннинг деҳқончилигига янада барака киради.
– Ўзбекистон Япониянинг ишончли ҳамкорларидан биридир, – дейди “Кубота Корпорейшн” компаниясининг мамлакатимиздаги вакили Кед Жима. – Бунда мамлакатингизда яратилган қулай инвестицион муҳит, ижтимоий барқарорлик муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Биз инсон учун энг зарур ҳаётий неъмат бўлган сув таъминотини яхшилаш билан боғлиқ йирик лойиҳада иштирок этганимиздан ғоят мамнунмиз.
Ушбу гидроиншоотни барпо этишда иштирок этган масъул ходимлар, муҳандис ва мутахассислар, бунёдкорларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Ахборот хизмати