Сурхондарё вилоятида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги: иқтисодий мустақиллик – кучли мустақил давлатнинг муҳим кўрсаткичи” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани бунинг яққол исботидир. Бу аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига замин яратаётир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш зарурлигига эътибор қаратди. Давра суҳбатида шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари таҳлил этилди. Бу борада қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини мустаҳкамлаш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда мустақиллик йилларида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга оид ҳуқуқий асосларнинг ривожланиши” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Семинарда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ва босқичма-босқич ислоҳотлар юртимиз тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимиз мудофаа тизимидаги амалга оширилган ишлар фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия шаклланишига замин яратди.
Семинарда Ўзбекистоннинг мустақилликни қўлга киритиши ва унинг аҳамияти, мамлакатимиз миллий истиқлол ва тараққиёт йўлининг мазмун-моҳияти, ўзига хос хусусиятлари ҳамда асосий йўналишлари тўғрисида маълумот берилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, депутатлар «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Тадбирда мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологиялари кенг татбиқ этилаётгани таъкидланди. “Электрон ҳукумат”ни жадал ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир.
Лойиҳада прокуратура органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга алоҳида ҳолларда прокуратура органлари хизматига ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотга эга мутахассислар қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги ва бошқа масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Депутатлар эътиборига “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди ва қонун қабул қилинди.
Ўтказилган таҳлиллар ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлашдаги мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик чораларининг мавжуд эмаслиги ушбу соҳада қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва профилактика қилишга салбий таъсир қилаётганини кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлаш мажбуриятини бажармаганлик ва кириш-чиқиш режимини бузганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлаш мажбуриятини бажармаганлик учун, башарти, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи моддалар билан тўлдирилмоқда.
Бу ўзгартиш ва қўшимчалар қонунчиликдаги бўшлиқни бартараф этиш ҳамда ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг ишончли қўриқланишини таъминлаш мажбуриятини бажармаганлик, шунингдек, кириш-чиқиш режимини бузганлик учун аниқ жавобгарлик чорасини ўрнатишга олиб келади.
Депутатлар амалдаги қонунчиликда мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва айрим қонунчилик ҳужжатларидаги нормаларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги ҳамда “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидa”ги қонунларга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилди. Киритилаётган ўзгаришларга кўра, Жиноят процессуал кодексининг айрим нормаларида мавжуд тафовут ва номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида мазкур кодексдан суриштирувчининг эҳтиёт чораси танлаш ваколатига доир нормани чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.
“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасини “ёки уй қамоғи” деган сўзлар билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. Дастлабки терговда уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганда шахс ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилиши мумкин. Бу гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли адвокатга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси белгиланган тартибда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкин. Бу норма адвокатларга дахлсизлик ҳуқуқининг тўлиқ татбиқ этилишига имконият яратади.
манба:uza.uz