СОҲАДА ИЛГАРИ БЎЛМАГАН ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

СОҲАДА ИЛГАРИ БЎЛМАГАН ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари С.Хожаметов,  Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари  раҳбарлари, туман ҳокимлари, кластер ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналар мутахассислари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб, пахтачиликка ихтисослашган "ТAQIYATAS TEX" МЧЖ даласида сув тежовчи технологияларни ўрнатиш бўйича айни кунларда амалга оширилаётган ишлар, тайёргарлик жараёнлари билан танишдилар.

Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонда аграр ва сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга  қаратаётган эътиборлари, хусусан, 2020 йил 5 декабрда қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор нафақат сувчи ёки фермерларга, балки бутун Қорақалпоғистон халқига кўрсатилган ғамхўрлиги экани тадбирда алоҳида эътироф этилди.

Ўз навбатида яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш учун ҳар бир кун ва соатдан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича режалар катта, иш кўлами ҳам шунга яраша кенг қамровлидир. Шу боис ҳозирданоқ, томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатиладиган майдонларда  сув тиндиргич ҳовузлар барпо қилиш, қурувчи ташкилотлар билан белгиланган ишларни тизимли ташкил қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.   

Бу соҳада илгари бўлмаган, кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов. -  Жорий йилда Қорақалпоғистонда 14 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш режалаштирилган. Бу, ўз навбатида, ушбу технологияларга бўлган талабни оширади. Олдин бизда шундай технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар йўқ эди. Янги йилнинг илк кунларида дастлабки корхона ишга туширилди.

Биз, бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, вазирликнинг ишлаб чиқариш ва механизация базаси биносида «ECODRIP IRRIGATION SYSTEMS» корхонаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан яна бир корхона фаолиятини йўлга қўймоқдамиз. Лойиҳага 4 миллион доллар инвестиция киритиш мўлжалланган. Натижада корхонада 50 та янги иш ўрни яратилиб, тежамкор суғориш технологиялари, яъни томчилатиб суғориш учун магистрал қувурлар ва уларнинг махсус улагичлари ҳамда ҳовузлар учун геомембраналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Эътиборлиси, эндиликда сув тежовчи технологиялар ўрнатишда ишлатиладиган қувурлар ва бошқа қўшимча ускуналарни юз фоиз Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Асосий хомашё, яъни гранула ҳам ўзимизда чиқади. Кўргазма доирасида янги корхона бўйича тақдим қилган лойиҳаларимиз Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди.

Тадбирда кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар ва ўтган йилда кузатилган камчиликлар юзасидан масъулларга мурожаат қилишди. Ечимлар изланди, янги ҳамкорлик режалари тузилди.

Яна бир жиҳат, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудлардаги тизим ташкилотларида сув тежовчи технологияларни ўрнатишга кўмаклашувчи сервис гуруҳлари ташкил қилинди. Улар  майдонларни лойиҳалаш, сув келтириш ва ҳовуз тиндиргичларни қуриш, насос агрегати, фильтрлари, ўғит бериш мосламасини монтаж қилиш, электр узатиш тармоқларини қуриш, бош ва тарқатувчи қувурларни ҳамда томчиловчи шлангларни монтаж қилиш каби йўналишларда иш олиб борадилар. Бу гуруҳлар сув тежовчи технологияларнинг сифатли ишлашини ва фермерларга кафолатли сервис хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

Тадбир якунида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни белгиланган майдонларда ўз вақтида ва сифатли ўрнатиш ишларини тизимли ташкил қилиш мақсадида бу каби кўргазмали семинарлар барча туманларда ўтказилиши белгиланди.

Ғайратжон Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирлиги матбуот котиби

Муаллиф олган суратлар.

манба:www.water.gov.uz

Oxirgi yangilash: 15 Январь 2021