Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида иккита агентлик ташкил этилади

Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсад қилинган.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмаси ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси;

магистрал каналлар (тизимлар) бошқармалари ҳамда ирригация тизими бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси;

туманлар (Қувасой шаҳар) сув хўжалиги бўлимларининг намунавий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирига:

зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги идора ва ташкилотлар тузилмаларига ходимларнинг белгиланган сони доирасида ўзгартириш киритиш;

йирик гидротехник иншоотларнинг энг аввало лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, унинг қурилишида ва эксплуатация ишларини олиб борилишида хавфсизлик чоралари кўрилиши, бунда лойиҳа пудрат ташкилотлари ҳамда эксплуатация ташкилотларининг жавобгарлигини ошириш вазифаларини белгилаш;

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентликларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар ва халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантлари ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалардан эришилган самарадорлигини ҳар йил якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш;

юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини маслаҳатчи сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар битта сув истеъмолчиси (агрокластер, фермер хўжалиги ва бошқалар)нинг ер майдонида жойлашган ва уларга бевосита хизмат кўрсатувчи суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда улардаги иншоотларни сақлаш, мақсадли ва самарали фойдаланиш учун белгиланган тартибда ушбу сув истеъмолчи уюшмаси балансига сув истеъмолчилари уюшмалари ҳисобидан уюшманинг розилиги асосида беғараз ўтказилишини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ҳамда ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг Наманган вилояти Поп туманидаги “Ғурумсарой иқтисодиёт коллежи” негизида “Поп сув хўжалиги ва мелиорация” коллежини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни республикада ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мақсадида хорижий инвестициялар иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, 2020 йилнинг 1 декабригача Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Белгиланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалар ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,2 бараварга оширган ҳолда (амалдаги коэффициентларни сақлаб қолган ҳолда) қўлланилади.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг тузилмаси тасдиқланади.

Қуйидагилар Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

сув хўжалигида капитал қурилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

сув хўжалигида капитал қурилиш соҳасидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва бош пудрат ташкилотларини танлов (тендер) асосида аниқлашни ҳамда тегишли шартномалар расмийлаштиришни ташкил қилиш;

сув омборлари ва бошқа тоифаланган сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлик мезонларини ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш;

Сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизини Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига кейинчалик лойиҳа-қидирув ишларини илмий асосда ташкил қилиш учун ҳамда соҳада илмий ва илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун мақсадли йўналтириш.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг тузилмаси тасдиқланади.

Қуйидагилар Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (ХМИ ва ХҲМТ) кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш;

ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги хорижий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатлари белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил қилиш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тендер савдолари асосида бош пудрат ташкилотларини белгиланган тартибда аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштириш;

лойиҳалар ва сублойиҳаларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, шунингдек, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш.

манба:www.kun.uz

Oxirgi yangilash: 17 Сентябрь 2020