Янгийўлдаги Жўн канали реконструкция қилинмоқда

Янгийўлдаги Жўн канали реконструкция қилинмоқда

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1–3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ҳамда “Обод маҳалла” дастурига асосан Жўн каналининг Янгийўл шаҳри “Янгибоғ” МФЙ ҳудудидан ўтган 1,045 километр узунликдаги қисмида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Жўн канали 1930-йилларда ишга туширилган бўлиб, узунлиги 54,7 км, бош канал қисмининг максимал сув сарфи 32 м³/с. Тошкент шаҳри Сергели туманининг бир қисми, Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл ва Чиноз туманларидаги 33 минг гектардан зиёд экин майдонларини сув билан таъминлайди.

Узоқ йиллар фойдаланиши натижасида канал ўзани кенгайиб, ўз ҳолатини йўқотган, чўкинди ҳамда лойқа ўтириши оқибатида унинг сув ўтказиш қуввати анча камайган эди. Бу айниқса, вегетация даврида канал охиридаги ер майдонларига сув етказиб бериш чоғида сезилар эди.

Каналнинг “Янгибоғ” МФЙ ҳудудидан ўтган қисми ер ўзандан ташкил топган бўлиб, уни реконструкция қилиш учун “Тошкентсувқурилишинвест” ДУК буюртмачи, “Сувлойиҳа” ДУК лойиҳачи этиб белгиланди. Лойиҳалаштириш якунига етказилгач, бош пудратчи “Янгийўлдавсувмахсуспудрат” ДУК томонидан ишлар бошлаб юборилди.

Янгийўл шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда каналнинг муҳофаза қисмидаги ноқонуний иморатлар олиб ташланди, дарахт ва буталар кесилиб, икки қирғоқ ҳам очилди, тонналаб чиқинди ва чўкиндилар ҳудуддан ташқарига олиб чиқиб кетилди.

“Янгийўлдавсувмахсуспудрат” ДУК директори Акмал Холтўраевнинг маълум қилишича, лойиҳага кўра 1 777 м³ бетон ишлари, 34,5 минг м³ дан зиёд тупроқ ишларини бажариш кўзда тутилган. 9 дона экскаватор, 2 дона бульдозер, 6 дона автомиксер, 6 дона автосамосвал ва бошқа махсус техникалар жалб этилган. 100 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда.

Шу кунларда бу ерда иш қизғин. Канални бетонлаштириш якунига етай деб қолди.

– Уйимиз яқинидан “Жўн” канали оқиб ўтган бўлиб, атрофи чангалзор, чиқиндиларга тўла эди, – дейди шу ерда яшовчи Турғун ота Қўчқоров.
– Иморатларимизга зах ўтар эди. Аҳоли, айниқса, ёғингарчилик пайтларида юришга қийналар эди. Мана канал атрофи очилиб, ҳаммаёқ ободонлаштирилмоқда. Маҳалламизга ҳам файз кириб қолди, аҳоли мамнун.

Келгусида каналнинг Янгийўл шаҳри ҳудудидан ўтувчи 6 километрлик қисмини ҳам реконструкция қилиш режалаштирилган.

манба:www.water.gov.uz

 

Oxirgi yangilash: 10 Октябрь 2019