Ўзбекистонда Туябўғиз ГЭС фойдаланишга топширилди

Ўзбекистонда Туябўғиз ГЭС фойдаланишга топширилди

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Туябўғиз сув омбори қошидаги янги гидроэлектр станция фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи».

Билдирилишича, ГЭС лойиҳавий қиймати 15,8 миллион долларга тенг бўлиб, шундан 8,1 миллион доллари ХХР «Эксимбанк»и томонидан молиялаштирилган.

Туябўғиз сув омбори қошидаги ушбу кичик ГЭС ўн тўрт ой ичида қуриб битказилган. Илгари бундай иншоот барпо этиш учун камида уч йил вақт сарфланган.

Мутахассисларнинг айтишича, ГЭСнинг умумий қуввати 11,4 МВтга тенг. Бу йилига ўртача 41,2 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1 минг 600 та хонадоннинг электр токига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади, деганидир.

Бундан олдин, «Ўзбекгидроэнерго» компанияси 2025 йилгача қуввати 30 МВт.дан ортиқ бўлган 4та катта ГЭСни, 16та янги кичик ГЭСни қуриши ва 21та ҳозир ишлаб турган ГЭСни модернизация қилишни режалаштираётгани хабар берилганди.

Барча амалга ошириладиган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2,6 миллиард доллардан ошади, улардан қарийб 600 миллион доллари - жалб этилаётган кредит маблағлари.

манба:www.kun.uz

Oxirgi yangilash: 30 Октябрь 2019