Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари тасдиқланди

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари тасдиқланди

Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи билан гидротехника иншоотларидан хавфсиз фойдаланиш, уларнинг электр таъминоти, алоқа, сигнализация ва ёритиш тизимларига доир талаблар, шунингдек уларни назорат ва мониторинг қилишни ташкил этиш тартиби белгиланди, деб хабар қилмоқда Norma.

Гидротехника иншоотларига (бундан кейин – ГТИ) тўғонлар (плотиналар), гидроэлектр станциялар бинолари, сув ташлаш, сув бўшатиш, сув ўтказиш ва сув чиқариш иншоотлари, туннеллар, каналлар, насос станциялари, сув омборлари қирғоқларини, дарёлар ва каналлар ўзанларининг қирғоқлари ва тубини тошқин ҳамда емирилишлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган иншоотлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг суюқ чиқиндилар сақланадиган жойларини ўраб турувчи иншоотлар (кўтармалар) киради.  

ГТИ тизимига кирадиган иншоотлардан фойдаланувчи ташкилот (балансида ГТИ бўлган) томонидан тасдиқланадиган йўриқнома асосида фойдаланилади. Йўриқнома ҳар йили қайта кўриб чиқилиши керак. Барча ходимлар мазкур ҳужжат, шунингдек унга киритиладиган ўзгартиришлар билан танишиб чиққан бўлишлари шарт.

Бундан ташқари, фойдаланувчи ташкилот иловада тақдим этилган схемага мувофиқ фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаши керак.

ГТИлардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган техник раҳбар гидротехника соҳасида олий маълумотли мутахассислар орасидан тайинланади.
 
ГТИларда доимий хизмат қиладиган навбатчи ходимларни қиш мавсумида иситиш ва ёғингарчиликлардан ҳимоя қилиш учун махсус турар жойлар ажратилиши лозим. Улар электрлаштирилган, тезкор алоқа воситалари, столлар, стул ва скамейкалар, ичимлик суви учун идиш, устки кийим учун илгаклар, биринчи тиббий ёрдам воситалари билан жиҳозланган бўлиши зарур.

Йилнинг совуқ даврида хона ичидаги ҳаво ҳарорати 20°С дан паст бўлмаслиги керак. Бинонинг ёритилиши Қоидаларда назарда тутилган талабларга мос келиши керак.

Ҳужжат 18.07.2018 йилдан кучга кирди.

манба:kun.uz

Oxirgi yangilash: 30 Октябрь 2019